Тошкент кимё-технология институтида ўқув йилини 3 семестрли қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ОТМнинг ўқув ишлари бўйича проректори Тойир Сафаров матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, янгилик навбатдаги ўқув йилидан татбиқ этилиши мумкин.

«Бу иқтидорли талабаларнинг ўқишни муддатидан олдин битиришига имконият яратади. Бакалавр таълими 4 йил бўлса, иқтидорли талабаларимиз 3,5 йилда бу босқични якунлайди» — деди у.

Шунингдек, ОТМ ректори Ботир Усмоновнинг келтиришича, институтга молиявий мустақиллик берилгач, бу йилги талабаларнинг контракт суммаларида ўзгариш бўлмайди. Ўзгаришлар бўйича қарор — 2022−2023-ўқув йили учун қабул қилинади.

«Бу йил иккинчи семестр учун нархлар ўзгармайди. Фақат янги ўқув йилидан қабул қилинган талабаларда ўзгарган суммалар белгиланади. Юқори босқич талабаларига бу таъсир қилмайди. Ҳозирда қанча тўлов қилинса, шу кўринишда қолади», — деди у.

Бундан ташқари, институтнинг кейинги йилдан «супер-контракт», яъни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилишдан воз кечмоқчилиги қилаётгани айтилди.

«Ҳозир янги брендни шакллантирмоқчилигимизни ҳисобга олсак, биз фақат иқтидорли ва ишлаб чиқарувчи корхоналарга маъқул номзодларни қабул қиламиз», — деди ОТМ ректори.