Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедов Қорақум чўлидаги 50 йилдан кўпроқ вақтдан бери ёниб турган «Дўзах дарвозаси» (расмий номи «Қорақум ёғдуси») газ кратерини сўндиришни буюрди. Бу ҳақда «Туркменистан сегодня» агентлиги хабар берди.

Давлат раҳбари 7 январь куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида нефть-газ мажмуасини назорат қилувчи бош вазир ўринбосари Шахим Абдрахманов олдида мазкур масалани кўтарди.

«Кўп йиллардан буён Дарвоза ҳудудида жуда катта миқдорда газ ёнмоқда ва бу ҳолат атроф-муҳитга ҳам, яқин атрофда яшовчи аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай қилиб, хомашё йўқолмоқда, уни экспорт қилишдан катта даромад олиш ва ундан халқимиз фаровонлигини ошириш учун фойдаланиш мумкин», — дея президент сўзларини келтиради агентлик.

Халқ орасида «Дўхаз дарвозаси» деб аталадиган Дарваза кратери Туркманистоннинг Дашогуз вилоятидаги Қорақум чўлида, Ашхободдан 270 км узоқликда жойлашган. У лкан табиий газ кони ҳудудида диаметри 60 м ва чуқурлиги тахминан 20 м бўлган чуқурликдир.

Газ тўпланишини аниқлагандан сўнг, совет геологлари 1971 йилда ушбу ҳудудда қудуқ бурғулашди, бироқ тупроқнинг юқори қатламлари ҳамда бурғулаш ускуналари бошқа жиҳозлар билан ер ости бўшлиғига ўпирилиб тушган. Натижада газ билан тўлган улкан чуқур пайдо бўлган.

Фото: advantour.com.

Ўшанда одамлар ва ҳайвонлар газ билан заҳарланмасликлари учун кратерга ўт қўйилади. Олимлар газнинг бир неча кун ичида ёниб кетишини кутишган, аммо ўшандан бери бу содир бўлгани йўқ. Кратер Туркманистоннинг маҳаллий диққатга сазовор жойларидан бирига айланди — сайёҳлар уни кўриш учун экскурсияларга борадилар. 2018 йилда кратер «Қорақум ёғдуси» расмий номини олди.