Мамлакатда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш режалаштирилмоқда (ҳозир тахминан 15 фоиз). Бу 5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида қайд этилган.

Камбағалликни қисқартириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режалаштирилган.

Норасмий ишчилар

Бунда норасмий ишлаётган 2,5 млн нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларда ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилади.

Жумладан, 2022 йил мартга қадар норасмий ишлаётган 450 минг нафар фуқарони бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш кўзда тутилган.

Шунга кўра, норасмий секторда бандликни камайтириш бўйича тегишли стратегия лойиҳасини ишлаб чиқилади.

Бунда қуйидагилар инобатга олинади:

  • яширин иқтисодиётни қисқартиришда жамоатчилик ролини ошириш;
  • норасмий секторда банд бўлган аҳоли ўртасида ижтимоий ҳимояни таъминлаш юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш;
  • фуқаро, ходим ва иш берувчиларнинг меҳнат соҳасидаги мурожаатларини «бир дарча» тамойили асосида тезкор кўриб чиқиш механизмларини жорий қилиш;
  • меҳнат соҳасидаги мурожаат ва низоларни ўрганиш ҳамда уларни ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида «Меҳнат-М» маркази фаолиятини эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида ташкил этиш.

Ноябрга қадар эса Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари ҳузурида ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда, корхона ва ташкилотларда 450 минг нафар ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, уларга иш ҳақи ҳисоблаш, иш ҳақидан солиқлар ва ижтимоий тўловлар тўланишига амалий ёрдам кўрсатиш мақсад қилинган.

Аёллар бандлиги

2026 йилгача аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 марта камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш кўзда тутилган.

Иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Жумладан лойиҳада, 2022 йилда аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш учун 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш белгиланмоқда.

Хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш дастурида қуйидагилар акс этади:

  • ҳар йили тасдиқланадиган касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакани оширишга оид давлат буюртмасида касб-ҳунарга ўқитиладиган хотин-қизлар улушини йилдан-йилга ошириб бориш;
  • хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кўмаклашиш мақсадларида субсидиялар ажратиш;
  • ўзини ўзи банд қилиш истагида бўлган хотин-қизларга меҳнат қуроллари билан таъминлаш учун субсидиялар ажратиш.

Ишсиз хотин-қизларни бўш ҳамда янги яратилаётган иш ўринларида бандлигини таъминлашга кўмаклашилади.

Бунда, 2022 йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш лойиҳалар кўлами кенгайтирилади.

2022 йил мартгача иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширилади.

Ҳудудларда қуйидагиларни назарда тутувчи аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади:

  • ҳар бир ҳудудда «Хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари» ва кластерларни ташкил қилиш;
  • хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолиятини такомиллаштириш, минтақавий марказлар очиш чораларини кўриш;
  • тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни реализация қилишга кўмаклашиш;
  • хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва бизнесга жалб қилиш.

Имконияти чекланганлар бандлиги

Таклифларга кўра, 5 йил мобайнида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баравар ошириш кўзда тутилаяпти.

2022 йил июлга қадар имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган 12 минг нафар шахсларнинг бандлиги таъминланади.

Имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Миллий дастур ишлаб чиқилади.

Дастурда қуйидагилар акс этади:

  • Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсларни ишлаши мумкин бўлган касблари тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда «Бандлик хизмати» ахборот тизимига интеграция қилиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган ташкилотнинг ходимга иш ҳақи ҳисобланганлиги ва даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳамда Ягона миллий меҳнат тизимидаги меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш;
  • 12 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун касбий таълим муассасаларига имтиёзлар бериш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўзини ўзи банд қилиши учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратиш.

Бундан ташқари, таклиф этилаётган президент фармони лойиҳасида давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда маҳаллий даражада («маҳаллабай» тамойили асосида) ижтимоий ишларни олиб бориш механизмини йўлга қўйиш ҳам мақсад қилинган.

Ҳудудлар, шаҳарлар ва туманлар кесимида камбағал тоифадаги оилалар, аёллар ва ёшларни ягона электрон ҳисобга олиш тизимини яратиш, камбағалликнинг қайта тикланиш хавфини бартараф этиш белгиланган. Ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш кўзда тутилаяпти.

Ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча эҳтиёжманд аҳолининг камида 85 фоизи ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олинади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва аҳоли қатламларига, шунингдек, вақтинчалик оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга тўғридан-тўғри давлат ижтимоий ёрдами кўрсатилади.

Халқаро стандартларга асосан аҳолига ижтимоий ёрдам ва ижтимоий хизматларни кўрсатиш тамойиллари ва меъёрларини ўзида мужассам этувчи Ижтимоий кодексни қабул қилиш режалаштирилган.

Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақининг максимал миқдорини пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараваригача ошириш таклиф этилмоқда.

Мазкур ҳужжат лойиҳасига оид таклиф ва мулоҳазалар 14 январга қадар қабул қилинади.