Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Аҳмад Дониш кўчасидаги йўлнинг чўкиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Шу йилнинг март ойида Аҳмад Дониш кўчасидаги автомобиль йўлининг 500 метр қисмида 40−50 смгача чўкиш ҳолати юзага келганлиги туфайли ушбу ҳудудда транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланган эди.

ДХХ ва прокуратура органлари ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Унда аниқланишича, мутасадди ташкилотлар «Юнусобод-Туркистон» ер ости метро конструкциясининг атрофини ва ён қисмларини тупроқ билан қайта тўлдириш ва зичлаш ишлари сифатли бажармаган.

Шунингдек, чўкиш ҳолатига техник назорат талаб даражасида олиб борилмаганлиги ҳамда автомобиль йўлини реконструкция қилишда лойиҳалаштириш ишлари нотўғри олиб борилганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Натижада давлатга 4,5 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Ҳолат бўйича Республика Транспорт прокуратураси томонидан Тошкент метрополитени линияларини қуриш дирекцияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган. Улар БҲМнинг 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Ҳозирда тергов давом этмоқда, қолаверса, Аҳмад Дониш кўчасида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича мутасадди идоралар томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг августида пойтахтдаги Аҳмад Дониш кўчасининг ушбу қисми 6 қаторли қилиб қайтадан қурилганди. Август охирларида президент Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу кўчада амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишганди.