Қибрайдаги 8 та маҳалла, 3 та мактаб ва 5 мингдан ортиқ турар жойлар Тошкент таркибига ўтказилди. Бу ҳақда Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти бошқармаси Қибрай туманидан пойтахтнинг Яшнобод туманига ўтган ижтимоий объектлар бўйича маълумотида сўз боради.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларининг ўзгариши юзасидан тегишли қарори ижроси юзасидан ҳудудларда бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ҳудудларда олиб борилган хатлов ишлари натижаларига кўра, Қибрай туманидан Яшнобод туманига жами 2107,4 гектар ер, шундан 1002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдони ҳамда қуйидаги ижтимоий объектлар ўтказилиши таъминланган:

  • маҳаллалар — 8 та;
  • нотурар жойлар — 195 та;
  • турар жойлар — 5091 та;
  • мактаблар — 3 та;
  • мактабгача таълим муассасалари — 1 та;
  • диний муассасалар — 2 та;
  • қабристонлар — 2 та;
  • тиббий муассасалар — 1 та.

Қибрай туманидан Яшнобод туманига ўтаётган аҳолининг доимий яшаш манзили Тошкент шаҳри Яшнобод тумани этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Тошкентнинг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ҳудудига Тошкент вилоятининг Зангиота, Қибрай, Юқори Чирчиқ ва Ўртачирчиқ туманларидан 7,8 минг гектардан кўпроқ ер майдонлари қўшиб берилган эди. Шу билан бирга, Сергели ва Бектемир туманларидан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилоятига ўтказилди.