19 декабрь куни соат 05:03 да Тошкент вилоятидаги «Ўзбеккўмир» компаниясига қарашли Ангрен кўмир разрези ҳудудида иккита электровоз тўқнашиб кетди. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган маълумотни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

Хабарда таъкидланганидек, тормоз тизимидан сиқилган ҳаво сизиб чиқиши сабабли 010-рақамли электровоз юриб кетган ва ҳаракатланаётган 017-поезд билан тўқнашган. Оқибатда 20 та вагон — биринчи поезднинг кўмир ортилган 14 та ва иккинчи поезднинг 6 та бўш вагонлари рельсдан чиқиб, ағдарилиб кетган. Икки поездда жами 33 та вагон бўлган.

Ҳодиса оқибатида 010-поезд машинисти ва унинг ёрдамчиси енгил тан жароҳати олган. Улар касалхонага ётқизилган.

Фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар мутахассис ҳамда «Ўзбеккўмир» АЖ «Темир йўл транспорти» филиалидан 2 та юк крани ва 2 та юк ташувчи транспорт жалб этилган. Ҳозирда терговга қадар текширув олиб борилмоқда.