6 декабрь куни Ўзбекистонга COVID-19'га қарши курашиш учун Pfizer вакцинасининг 301 860 дозаси келтирилди, деб хабар қилди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ушбу ҳадя АҚШ ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1,1 миллиард доза вакцинанинг бир қисми ҳисобланади.

Мазкур жўнатма билан Ўзбекистонга 2021 йил июль ойидан бери етказиб берилган АҚШ вакциналари сони 5,3 млн дозадан ошди. Шунингдек, қисман АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга шу кунга қадар 2,4 млн доза AstraZeneca вакцинаси етказиб берилди.

Бундан ташқари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) яқинда Ўзбекистонга COVID-19 билан қурашиш учун 2,5 млн доллар ажратди. Ушбу ёрдам билан Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 млн доллардан ошди.