3 декабрь куни маҳаллий ОАВда Ўзбекистонда янги кўринишдаги 50 минг ва 100 минг сўмлик банкнотлар чиқарилиши ҳақида хабар тарқалди. Марказий банк матбуот хизмати ушбу маълумотни «Газета.uz»га тасдиқлади.

Қайд этилишича, банкноталар янги дизайнда чикарилади ва хафсизлиги кучайтирилади. Банкноталар қачондан бошлаб муомалага киритилиши бўйича маълумот мавжуд эмас.

Аввалроқ, 26 августдан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 5000 сўм ва 10 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисида хабар берилганди. Мазкур банкнотлар мавзуси (тематикаси) «Буюк Ипак йўли» ҳамда мамлакат ҳудудидаги қадимий Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари тарихига бағишланган эди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин 14 июндан бошлаб номинал қиймати 2 000 сўм ва 20 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгилари муомалага чиқарилиши бошланганди.