Марказий банк «Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамиятига ҳамда «VENKON GROUP» масъулияти чекланган жамиятига тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берди.

VENKON GROUP компания соҳаси компютер дастурлаштириш фаолияти ҳисобланади. «Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси» АЖ фаолият соҳаси эса молиявий бозорларни бошқариш эканлиги кўрсатилган.

Бундан олдин, Марказий банк «Multipay» масъулияти чекланган жамиятига худди шундай фаолиятни олиб бориш учун лицензия берган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Global Solution IT-фирмаси томонидан бошқариладиган GlobalPay электрон пуллар тизимига ҳам рухсат берилган. Марказий банк ушбу IT-фирмага 2020 йил октябрь ойида тўловлар соҳасида фаолият юритиш учун рухсатнома берган.

Электрон пул тизимлари реестри юритилиши бошланганидан буён МБ 10 та платформани рўйхатдан ўтказди. Улардан 4 таси «Капиталбанк» иштирокида ишга туширилди.