Энергетика вазирлиги Жаҳон банки ҳамкорлигида 2022 йилда Ўзбекистоннинг «кўк» водород ишлаб чиқариш салоҳиятини баҳолайди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Баҳолаш Ўзбекистонда углеродли водородга минтақавий ва глобал талабнинг кутилаётган ривожланиши фонида водород ишлаб чиқаришнинг қиёсий афзалликлари ва камчиликларини ўрганишга кўмаклашади. Ўрганишлар якунига кўра, «кўк» ва «яшил» водородни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади.

Водороднинг ранги градацияси уни ишлаб чиқариш усулига ва бир вақтнинг ўзида чиқарилган углерод изига боғлиқ. Саноатда энг «тоза» водород «яшил» ҳисобланиб, қайта тикланадиган манбалардан олинадиган энергия ёрдамида сувни электролиз қилиш йўли билан олинади. «Ҳаворанг» ёки «кўк» водород — табиий газдан олинади. Уни ишлаб чиқариш вақтида карбонат ангидрид олинади ва махсус жойларда сақланади. «Кулранг» водород ишлаб чиқаришда эса карбонат ангидрид атмосферага чиқарилади.

Шунингдек, 2022−2023 йилларда водород саноатини ривожлантириш мақсадида «Air Products», «ACWA Power» ва «Siemens Energy» каби хорижий компаниялари билан республика ҳудудида пилот лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, водород энергетикасининг етакчи хорижий технологик объектларида амалий машғулотлар олиб борадиган қисқа ва узоқ муддатли ўқув дастурларини ташкил этиш бўйича муайян келишувларга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 9 апрелдаги тегишли қарори билан Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари ва водород энергетикасини ривожлантириш мақсадида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ташкил этилганди.