Фарғонанинг Ўзбекистон ҳамда Сурхондарёнинг Шеробод туманларида ноқонуний равишда ер сотиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Ўзбекистон туманида фуқаролар М.М. ва Ш. У.лар фуқаро К. га «Сўх-Оқтепа» ирригация тизимига қарашли 60 сотих ер майдонида иссиқхона фаолиятини ташкил этиш учун ҳужжат расмийлаштириб бера олишига ишонтиради.

Улар 7600 АҚШ долларидан 5000 долларни олганида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Шеробод туманида қайд этилган воқеада эса «Ч.Қ.» фермер хўжалиги раҳбари Э.Э. фуқаро Б. га ўзи раҳбарлик қилиб келаётган хўжаликка тегишли бўлган 1050 гектар яйлов ҳамда 50 сотих сувли ер майдонини 96 млн сўмга сотишга уринган. У танишлари орқали уй-жой қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб беришга келишиб олган.

У шундан қўлга киритган 83 млн сўмнинг 2 млн сўмини қайтаргани процессуал тартибда расмийлаштириб олингани маълум қилинди.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.