Тошкентда тегишли ҳужжатлари бўлмаган жами 1597 дона «Зардекс», 1413 дона «Карбамазепин» ва бошқа кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотаётган дорихона ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура Департаменти.

Қайд этилишича, Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбирда U-B. МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари харидорга 35 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 700 минг сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, ушбу дорихонадан сотиш учун мўлжалланган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган жами 1597 дона «Зардекс», 1413 дона «Карбамазепин» ва яна 90 дона қизил ва оқ рангли номсиз дори воситалари топилган.

Бундан ташқари, Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.А. харидор Н.га 49 дона кучли таъсир қилувчи «Тропикамид» ва 50 дона «Селофен» номли дори воситаларини 4,6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.