2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳудудлар кесимида кичик тадбиркорлик субъектларининг энг кўп чакана савдо товар айланмаси ҳажми Тошкент шаҳрига (25,3 трлн сўм) тўғри келди. Бу ҳақда 29 ноябрь куни Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Кейинги ўринлардан қуйидаги вилоятлар жой олган:

  • Тошкент вилояти — қарийб 14 трлн сўм,
  • Фарғона — 12,1 трлн сўм;
  • Самарқанд — 11,3 трлн сўм;
  • Андижон — 10,7 трлн сўм;
  • Қашқадарё — 9,6 трлн сўм.

2021- йилнинг 9 ойида кичик тадбиркорлик субъектларининг ЯИМдаги улуши 55,7 фоизини ташкил этди. Ушбу даврда кичик тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо товар айланмаси ҳажми 135 трлн сўмдан ортиқ ёки умумий чакана савдо товар айланмасининг 80,8 фоизини ташкил этиб, ўсиш суръати 2020- йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 фоизга ошган.

Шунингдек, 2021 йилнинг ушбу даврида жорий нархларда ҳудудларнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми бўйича ҳам Тошкент шаҳри 87,8 трлн сўм билан етакчига айланганди. Қолган вилоятларда ушбу кўрсатгич қуйидагича қайд этилган:

  • Тошкент вилояти — 57,2 трлн сўм;
  • Навоий вилояти — 42 трлн сўм;
  • Самарқанд вилояти — 37,8 трлн сўм;
  • Фарғона вилояти — 33,6 трлн сўм;
  • Қашқадарё вилояти — 31,7 трлн сўм;
  • Андижон вилояти — 30,4 трлн сўм;
  • Бухоро вилояти — 27,4 трлн сўм;
  • Наманган вилояти — 24,1 трлн сўм;
  • Сурхондарё вилояти — 21,4 трлн сўм;
  • Хоразм вилояти — 18,9 трлн сўм;
  • Қорақалпоғистон Р. — 18,1 трлн сўм;
  • Жиззах вилояти — 15,9 трлн сўм;
  • Сирдарё вилояти — 11 трлн сўм.

Жорий йилнинг 10 ойида республика ҳудудларининг ташқи савдо айланмаси юқорилиги бўйича ҳам Тошкент шаҳри юқори ўринни эгаллаган. Январь-октябрь ойлари давомида пойтахт ташқи савдо айланмаси 13,2 млрд доллар бўлиб, бунда экспорт — 3,2 млрд долларни, импорт эса 10 млрд долларни ташкил қилган.

Ҳудудларнинг ташқи савдо айланмаси бўйича энг паст кўрсаткич эса Сурхондарё вилоятига тўғри келган. Ушбу вилоятда 345 млн долларлик ташқи савдо айланмаси кузатилган, бунда экспорт ҳажми — 173 млн долларни, импорт ҳажми эса — 172 млн доллар ҳисобида қайд қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин январь-октябрь ҳолатига Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,6 млрд долларни ташкил этиб, ўн ойлик даврда 7,8 млрд долларлик пассив ташқи савдо баланси кузатилгани ҳақида хабар берилганди. Ташқи савдо айланмаси ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ошганига қарамай, 2019 йилдаги кўрсаткичга (34,3 млрд доллар) етиб келганича йўқ.