Қозоғистон Миллий банки Нурсултон Назарбоев сурати туширилган, номинал қиймати 20 минг тенге бўлган юбилей банкноталарни муомалага чиқаради. У Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланди, деб ёзади Tengrinews.kz.

Фото: Tengrinews.kz

Ушбу банкноталарда 27 та ҳимоя элементи мавжуд. Пул қийматининг дизайни муомаладагилар билан бир хил услубда ишланган: олд томонида асосан вертикал тасвирлар, тескари томонида горизонталь тасвирлар мавжуд. Унинг ўлчами 155×79 миллиметрга тенг.

Миллий банк ушбу пуллар қонуний тўлов воситаси эканлигини қайд этди.

«Номинал қиймати 20 минг тенге бўлган юбилей банкнотаси бутун Қозоғистон бўйлаб барча турдаги тўловлар учун, шунингдек, банк ҳисоб рақамларига ўтказиш ҳамда барча ўтказмалар, алмаштириш ва айирбошлаш учун номинал қиймати бўйича қабул қилиниши шарт», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, 2015 йил намунасидаги номинал қиймати 20 минг тенге бўлган пуллар ҳам қонуний тўлов воситаси бўлиб қолмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, янги банкноталар 2021 йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида муомалага чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қозоғистон 6 ой муддатга қорамол экспортини чеклагани ҳақида хабар берилганди.