Украина бош вазири Россияни давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айблади

Украина бош вазири Денис Шмигалнинг айтишича, Украина расмийларида Россиянинг мамлакатда давлат тўнтариши уюштириш мақсади ҳақида махфий маълумотлар бор. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.

Аввалроқ, Москва бундай ниятларни рад этган ва Украина президенти Владимир Зеленский шахсан давлат тўнтариши эҳтимолига ишонмаслигини айтган.

«Бизда махсус мақсадларни (давлат тўнтаришини ташкил этиш) кўрсатадиган махфий маълумотлар бор», — деди жаноб Шмигал. Бунинг ортида Россия давлати борми, деган саволга: «Албатта», — дея жавоб берди у.


Туркияда Фатҳуллоҳ Гюленнинг 137 нафар тарафдори ҳибсга олинди

Туркияда полиция томонидан ўтказилган махсус операция давомида Фатҳуллоҳ Гюленнинг турк расмийлари террорчи деб тан олган FETO ҳаракати билан алоқадорликда гумон қилинган 134 киши қўлга олинди. Ҳибсга олишлар Истанбул ва Анқарада бўлиб ўтди, қўлга олинганлар орасида талабалар ҳам бор, деб хабар беради Коммерсантъ.

Тинтувлар чоғида FETO тарафдорлари экани айтилаётган шахслардан «кўп миқдорда ташкилий ҳужжатлар ва рақамли материаллар» олинган. Уч нафар гумонланувчи қочишга муваффақ бўлган ва улар қидирилмоқда.


Барбадос республикага айланди

Кариб денгизидаги Барбадос ороли сешанба куни расман республикага айланди. Октябрь ойида сайланган мамлакат президенти Сандра Мейсон ҳам ўз лавозимига киришди, Буюк Британия қироличаси Елизавета II энди Кариб денгизи давлатининг раҳбари ҳисобланмайди. Маросим Барбадос ҳукумати сайтида жонли эфирга узатилди.

Маросим меҳмони якшанба куни Барбадосга учиб келган Британия тахти вориси, Уэлс шаҳзодаси Чарлз бўлди. Барбадос пойтахти Бриджтаундаги Миллий қаҳрамонлар майдонида қироличанинг штандарти туширилди — ТАСС.


Қозоғистон 6 ой муддатга қорамол экспортини чеклади

Қозоғистонда ташқи савдо сиёсати ва халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирок этиш бўйича идоралараро комиссия қарори билан жорий йилнинг 15 декабридан бошлаб тирик қорамол экспортини тўлиқ тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ElDala.kz нашри хабар берди.

Унга кўра, 15 декабрдан бошлаб Қозоғистон ҳудудидан 6 ой муддатга наслдор моллар ва бузоқларни олиб чиқишни тўлиқ тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, 15 декабрдан бошлаб картошка ва сабзи экспортига ҳам 3 ой муддатга тақиқ белгиланди.


Хитойда 1,1 миллиарддан ортиқ одам тўлиқ COVID-19'га қарши тўлиқ вакцина олди

Хитойда 1,1 миллиарддан ортиқ одам COVID-19'га қарши тўлиқ эмланди, дея хабар берди РИА Новости.

«29 ноябрь ҳолатига кўра, Хитойда коронавирусга қарши 2,49 миллиард доза вакцина фойдаланилди ва тўлиқ эмлашни тугатганлар сони 1 миллиард 110 миллион 506 минг нафарга етди», — дея таъкидлаган Хитой Соғлиқни сақлаш қўмитаси раҳбари.