18 ноябрь куни халқ таълими вазири лавозимига тайинланган Бахтиёр Саидов иш бошлагандан сўнг, учта вилоятга ташриф буюриб, мактаблардаги таълим сифати билан боғлиқ аҳволни қониқарли эмас деб атади.

«Ўтган ҳафтада вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда 3 та вилоятда бўлдик. Мактабларнинг шароитларини ўргандик. Тўғриси, аҳвол қониқарли эмас. Афсуски, мактабларимизда таълим сифатини яхшилаш учун жуда катта ва кўп ишлар қилишимиз керак», — деб ёзди вазир ўзининг Telegram`даги каналида.

«Жойларда фан ўқитувчиларининг билим ва савиясини оширишимиз керак. Айрим ўқитувчилар билан суҳбатлашдим, афсуски, ҳатто ўз фани бўйича оддий саволга ҳам жавобни билмайдиган ўқитувчилар бор экан. Хўш, нима қилиш керак?», — деди у.

«Тўғри, мактабда шароит йўқ дерсиз, лекин ўқитувчи ўша ерда вақтини кетказиб ўтирибди-ку, жонкуярлик бўлмаса нима қилади бу касбни танлаб? Унинг қўлида инсон тақдири ётибди! Мактабларда шароит, инфратузилма яхшиланишини кутсак, болаларни йўқотамиз», — деди Бахтиёр Саидов.

У ўқитувчи ва ота-оналарга қилган мурожаатидан сўнг, кўплаб таклиф, фикр ва мулоҳазалар келиб тушганини маълум қилди: «Таълим соҳасига бўлган бундай эътиборни кўриб, тўғриси жуда қувондим. Масъул ходимлар кўмагида имкон қадар ҳар бир мурожаат билан танишиб чиқишга ҳаракат қилдик, зарурлари тегишли мутасаддиларга йўналтирилди».

«Ўқитувчилар ўз мурожаатларида мени мактабларига бориб, шароитни ўрганишга таклиф қилган. Қани эди, ҳамма мактабларга бирданига боришга имконим бўлса ҳар бирининг ҳолатини ўрганиб, шахсан назоратга олардим. Бунга вақт керак, лекин албатта ҳаммасига борамиз. Бу йўналишда ҳудудий раҳбарлар билан тизимли иш ташкил қилишга келишиб олдик. Ҳудуд раҳбарларининг масъулиятини ва ваколатини янада оширамиз», — деди вазир.

У шунингдек, мурожаатлардан жойлардаги айрим мактабларда муҳит яхши эмаслиги кўриниб турганини айтган. «Мазкур мактаблардаги муҳитни яхшилашга ҳатто ҳудуд халқ таълими раҳбарининг ҳам кучи етмаяпти», — деди у.

«Мулоҳазаларда қайд этилганидек, биз билимли, жонкуяр ва фидойи кадрларни топишимиз керак. Бунинг учун керак бўлса педагогика университетлари билан ҳамкорликни кучайтирамиз. Ҳар бир битирувчи билан суҳбатлашиб, энг яхшиларини мактабларга жалб этамиз», — дея ваъда берди Бахтиёр Саидов.

Унинг сўзларига кўра, вилоятда, туманда, мактабда ҳатто бир нафар яхши педагог бўлса ҳам фойдаланиб, керак бўлса уни қолган ҳамкасбларига маҳорат дарси ўтказишга жалб этган ҳолда мактабларда таълим сифатини ошириш керак.