Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХ Фарғона ва Бухоро вилоятларида фуқароларни хориж давлатларига ишлашга юборишни ваъда қилиб, уларнинг пул маблағларини қўлга киритган шахсларни қўлга олди.

Фарғона вилоятидаги ҳолатда фуқаро М.Х. фуқаро М.нинг ишончига кириб, уни Корея давлатига ишга жўнатиш учун визаларини тезлаштириб олиб беришни ваъда қилади. Бунинг эвазига эса 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Бундан ташқари, М.Х. М.нинг укаси Ж.ни ҳам Корея давлатига ишга жўнатиш ва визани тезроқ олиб бериш эвазига 5 500 АҚШ долларини қўлга киритгани аниқланган.

Шу каби ҳолат Бухоро вилоятида ҳам қайд этилди. Унда фуқаролар М.А. ва Ш. А.лар бир қанча фуқароларнинг ишончига кириб, уларга Австралия давлатига бориш учун сайёҳлик визасини тайёрлаб беришни ваъда қилган.

Жами 6 нафар фуқаронинг 39 000 АҚШ доллари ва 26,4 млн сўмини қўлга киритганликлари аниқлангани маълум қилинди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилли. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.