26 ноябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон тумани «Султонобод» маҳалласидаги хонадонларнинг бирида яшовчи икки фуқаро ис газидан заҳарланди.

Туман ҳокимининг тегишли қарорида қайд этилишича, бунинг натижасида фуқаро Д.Ш.Абдухакимов (1995 й.т.) ва унинг турмуш ўртоғи С.И.Абдухакимова (1997 й.т.) вафот этган.

Ҳоким қарори билан содир бўлган бахтсиз ҳодисанинг сабабларини текшириш бўйича туман комиссияси таркиби ҳам тасдиқланди.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда Д.Абдухакимов уйнинг яшаш хонадонига 25 ноябрь куни кечки вақтда қўлбола усулда ясалган табиий иситувчи печни олиб келиб қўйгани маълум бўлган. Бироқ, иситиш печини ўрнатмаган ҳамда дудбўрон қўймаган.

Хонадонга газ ўтказилишига оид ҳамда қўлбола усулда ясалган темир печ, 15 метрлик оқ рангли резина шланг ва тежамкор ёндиргич (гарелка) ашёвий далил тариқасида олинган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасида фуқароларнинг ўлимига номаълум этиологияли заҳарланиш, ўткир юрак қон томир нафас етишмовчилиги, мия ва ўпкалар шиши сабаб бўлгани кўрсатилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.