26 ноябрь куни президент томонидан «Музейлар тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун имзоланди, деб хабар берди Маданий мерос агентлиги.

Киритилган қўшимчага кўра, музейларга уларни ташкил этиш мақсадларига мов бўлган фаолият турларини ўз таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишга рухсат берилмоқда.

Бунда музейлар музей ашёлари ва коллекциялари бут сақланишини таъминлайди.

Давлат музейларига пулли хизматлардан, хайриялар ва бошқа манбалардан келиб тушадиган маблағлар келгуси йил учун бюджетдан молиялаштириш миқдорини белгилашда ҳисобга олинмаслиги ва камайтирилмаслиги белгиланмоқда.

Маблағлар давлат музейларининг моддий-техник базасини ривожлантириш, илмий салоҳиятини ошириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа мақсадлар учун сарфланиши мумкин.

Амалдаги «Музейлар тўғрисида»ги қонунда (2008 йил) музейлар нотижорат маданият муассасаси эканлиги белгиланганди. Бу эса ўз навбатида музейларнинг пулли хизматлар кўрсатиши ва бошқа тижорий фаолиятини амалга оширишга таъсир кўрсатиб келган.

Маълумот ўрнида, ҳозирда республикада 124 та музей фаолият олиб бормоқда, шундан 116 таси давлат ва 8 таси нодавлат музей ҳисобланади.

Қонун расман эълон қилинган кундан кучга кирди.