25 ноябрь куни Тожикистоннинг Хоруғ шаҳри ва шаҳар атрофи аҳолиси шаҳарнинг марказий майдонида митингга йиғилди. Уларнинг талаби Роштқалъа туманида яшовчи «Гулбиддин Зиёбековни отиб ўлдирган орган ходимларини жавобгарликка тортиш» бўлган, деб хабар бермоқда «Азия-Плюс».

Сўнгги маълумотларига кўра, Хоруғдаги митинг чоғида ўт очилган. Намойишчилардан 6 киши яраланган, нашр манбасига кўра, бир киши ҳалок бўлган. Роштқалъа туманида яшовчи яна бир шахс бедарак йўқолган.

«Азия-Плюс» ёзишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу маълумотни тасдиқлашмаган ҳам, инкор қилишмаган ҳам. Ички ишлар вазирлиги ҳозирча воқеаларга изоҳ бермаган. «Бу ҳақда (митинг — таҳр.) хабарларни ҳам ўқидик, улар асоссиз. Ҳар ҳолда, ҳозирча расмий хабар бўлмади», дея Тожикистон ИИВ матбуот хизмати маълумотларини келтирмоқда нашр.

Хоруғликларнинг сўзларига кўра, митинг Тавдем жамоатида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилганлиги сабабли уюштирилган. Унинг жасади марказий майдонга олиб чиқилган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг сўзларига кўра, 25 ноябрь куни соат 11:30 да Зиёбековнинг уйига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Зиёбековни ҳибсга олмоқчи бўлишганида у қаршилик кўрсатиб, орган ходимларига мушти билан ташланганлиги айтилмоқда.

Бунга жавобан ОМОН ходимлари ўт очишган ва натижада улар 3 кишини ярадор қилган. Улардан бири Тайгун қишлоғида яшовчи фуқаро бўлиб, у ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига уларнинг хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини айтган. Иккинчиси ҳам Розик исмли маҳаллий аҳоли. Уларнинг иккаласи ҳам яраланган.

Гувоҳнинг айтишича, Гулбиддиннинг ўзи ҳам яраланган ва уни машинага ўтқазишган. «Кейин унинг ўлими ҳақида хабар беришди», — дейди гувоҳ.

Шундан сўнг одамлар митингга тўпланишган.

Гулбиддинни нега олиб кетишмоқчи бўлишган?

Тоғли-Бадаҳшон автоном республикаси прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, Тавдем қишлоғида яшовчи 1992 йилда туғилган Гулбиддин Зиёбеков бир қатор жиноятларни — уюшган гуруҳ томонидан гаровга олиш, ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний (конфессиявий) душманликни қўзғатишни содир этганликда айбланиб, қидирувда бўлган. 25 ноябрь куни соат 11:30 ларда у қўлга олиш бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар давомида «Макаров» тўппончаси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига қуролли қаршилик кўрсатгани қайд этилган.

Прокуратура маълумотларига кўра, Зиёбеков Тоғли-Бадаҳшон автоном республикасининг Роштқалъа тумани прокурори ёрдамчиси А.Абирзодани 2020 йил февраль ойида гаровга олиб, шу туманнинг Баржангал қишлоғида 8 соат давомида ушлаб турган. Шу билан бирга, у уни калтаклаган. Мазкур эпизод юзасидан Зиёбеков ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура маълумотларига кўра, гумонланувчилар терговчиларнинг қайта-қайта қўнғироқларини эътиборга олмаган ва кўрсатма бериш учун келишмаган.

Митингда иштирок этган хоруғликнинг айтишича, прокурорнинг гаровга олинишига унинг Роштқалъа туманида яшовчи қизлардан бирига тегажоғлик қилгани сабаб бўлган. Унинг айтишича, қиз қариндошларига бу воқеа ҳақида айтган ва улар бошқалар билан биргаликда прокурорни қўлга олиб, ундан кечирим сўрашини талаб қилишган.