Ўзбекистон бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари ҳамкорлигида пиротехника воситаларининг ноқонуний савдо олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари давом этмоқда, деб хабар берди Миллий гвардия матбуот хизмати.

24 ноябрь куни Миллий гвардия ҳамда Божхона бошқармаси ходимлари томонидан «Водил-Марғилон-Олтиариқ» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Қ.Х.Х бошқарувидаги «Nexia» русумли автомашина тезкор кузатувга олиниб, Марғилон шаҳри ҳудудида тўхтатилган.

Холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автотранспорт воситасининг юкхонаси ва салонида Қирғизистондан яширинча олиб кирилган умумий қиймати 25 млн 200 минг сўм бўлган 36 дона «9Д-037» номли пиротехника воситалари борлиги аниқланган.

Шунингдек, Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Н.Х.А бошқарувидаги Spark русумидаги автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда умумий қийматида 61 млн 240 минг сўмлик 157 400 дона «Британик» номли пиротехника, 40 дона «Королевский» номли салют, 44 дона «Новый век» номли салют борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари Фарғона вилояти Миллий гвардия Суриштирув бўлими томонидан олиб борилмоқда.