22 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Унга кўра, одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси ИИВ Тезкор-қидирув департаменти томонидан юритилади.

Мазкур базага:

  • одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар;
  • одам савдосидан жабрланганлар, жабрланган деб тахмин қилинаётганлар — аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратилган ҳолда, уларга кўрсатилган ёрдам натижалари;
  • жиноят содир этиш усуллари ва бошқа ахборотлар киритилади.

Маълумотлардан одам савдосига қарши курашишдаги ваколатли органлар фойдаланиши учун Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ёзма ёки электрон шаклда сўровнома юборади.

Сўровнома тушганидан сўнг унинг натижаси бўйича беш кунда жавоб юборилади.

Июль ойида Сенатнинг ялпи мажлисида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ярим йил ичида 99 та одам савдоси фош этилгани ҳақида маълум қилган. Сенат раиси Танзила Нарбаева эса ушбу жиноятлар ўтган йилга нисбатан икки баравардан кўпроққа ошгани ва 34 та ҳолат чақалоқлар савдоси билан боғлиқлигини маълум қилган.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ёрдам беришга мўлжалланган Telegram-бот ишга туширилган. Унда чет элда ишлаш ва яшаш қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, чет элда ишлаётганларни қўллаб-қувватлаш турларидан ташқари, одам савдоси тўғрисида маълумот юборилиши мумкин.