Транспорт вазирлиги инспекторлари маъмурий баённомаларни энди планшетлар орқали расмийлаштиради, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Автомобиль ташувлари соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни аниқлаш, уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишда электрон тизим ўрнатилган планшетлардан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда.

Ушбу жараёнини амалиётда қўллашни ташкил этиш мақсадида ИИВ Ҳуқуқий статистика ва тезкор — ҳисоб маълумотлар маркази бўлим бошлиғи ва масъул ходимлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда маъмурий баённомаларни планшетлар ёрдамида расмийлаштириш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди, дейилади хабарда.

Дастлабки босқичда ушбу жараён Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти транспорт бошқармалари томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.