Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасида бюджет маблағларининг фойдаланилиши ва қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Маълум қилинишича, ўрганишда клиника мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келинганлиги аниқланган. Бундан ташқари, тиббиёт техникаларидан фойдаланиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, давлат харидларини амалга оширишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

Ўрганиш якуни бўйича клиника фаолиятида жами 9 млрд 747 млн 598 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шундан 586 млн 798 минг 200 сўмлик бюджет маблағлари растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги айтилмоқда.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан клиниканинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.