ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда пойтахдаги ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ажратилишини таъкидлади. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президент Тошкентдаги барча маҳаллаларни обод қилиш учун ҳар бирига 2 млрд сўмдан ажратилиши натижа берганини таъкидлади. «Маблағлар жамоатчилик таклифлари ва уларнинг бевосита назорати остида сарфланаётгани ўз самарасини берди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев ушбу тажрибани тизимли давом эттириб, ажратилаётган маблағларни янада кўпайтиришини таъкидлади.

«Бунинг учун 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу шаҳар бўйича қарийб 600 млн доллар маблағ деганидир», — дея қайд этди амалдаги президент.

Ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида, очиқ ва шаффоф «Фуқаролар бюджети» тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади. Яна 5 миллиард сўми эса маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Ушбу маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.

Бундан ташқари, президентликка номзод Тошкент шаҳар ҳокимлигида Пойтахт иқтисодиёти ва урбанизация масалалари билан тизимли шуғулланадиган илмий марказ очилишини ҳам таъкидлади. Ушбу марказ аҳоли орасида доимий сўровлар ўтказиб, мавжуд муаммоларнинг илмий ечимларини ишлаб чиқади.

Жорий йилнинг апрель ойида Яшнобод туманидаги «Парвоз» маҳалласида бўлган давлат раҳбари Тошкентдаги барча маҳаллаларни обод қилиш учун ҳар бирига 2 млрд сўмдан ажратиш бўйича топшириқ берган эди.

Аҳоли ободонлаштириш ишлари вақтида нималар билан тўқнаш келганлиги ҳақида «Газета.uz» олдинроқ ёзган эди: гулзорларнинг бузиб ташланиши, ҳовлиларнинг автотураргоҳ учун майдон қилинганлиги, авваллари яшил ҳудуд бўлган жойларни ва болалар майдончаларининг бетонлаштирилиши, шунингдек ҳамма жойда аксарият ҳолатларда мантиқсиз равишда баланд қизил-кулранг бордюрларнинг қўйилиши. Кўп ҳолларда ободонлаштириш ишлари аҳоли билан маслаҳатлашувларсиз ва маблағларни муҳимроқ эҳтиёжларга йўналтириш бўйича уларнинг илтимосларини инобатга олмаган ҳолда амалга оширилмоқда.

Сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев ободонлаштириш дастурининг амалга оширилиши бўйича муносабат билдирган эди. «Катта қилиб ярим метрли бордюр қўйяпти. Барака топгур, машиналар пойга ўйнайдими?», — дея сўраган эди у.

Тошкентда бордюрларни ўрнатишга қанча пул сарфлангани, шунингдек Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан сўнг ободонлаштириш учун қилинган ишлар бўйича текширув ўтказиладими, аниқ эмас. Пойтахт маҳаллаларида баланд бордюрларни ўрнатиш ҳозир ҳам давом этмоқда.

Август ойида депутат Нодир Абдувалиев Тошкент аҳолиси бекордан-бекорга маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича шикоят қилмаётганликларини таъкидлаган эди. Унинг фикрига кўра, айрим ҳолларда қурилиш ишларидан сўнг «жойлар ўзининг қулайлигидан маҳрум бўляпти». «Бу маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро мулоқот, ишларни мувофиқлаштириш бўйича тизимнинг йўқлигини кўрсатади», — деб ҳисоблайди у.