22 октябрь куни соат 12:30 ларда Нарпай тумани, Нарпай маҳалласида яшовчи фуқаро Ж. С. (1984 й.т.), унинг турмуш ўртоғи Ш. З. (1987 й.т.) ва 2 нафар вояга етмаган фарзандлари М. Х. (2012 й.т.) ҳамда Ж. Х. нинг (2018 й.т.) мурдаси яшаш уйида ис газидан заҳарланган ҳолда тан жароҳатларисиз топилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар берди.

Ҳодиса жойини кўздан кечиришда марҳумлар ётган хонада қўл бола усулда ясалган, табиий газ тармоғига уланган иситиш печи мавжуд бўлган. Ушбу печнинг дуд-бўронида қушлар ин қурганлиги натижасида хас-хашаклар билан тўлиб қолганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 22 октябрь куни туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига; бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Октябрь ойи охирида «Газета.uz» Самарқанд вилоятида 10 кунда ис газидан заҳарланиш оқибатида 8 киши вафот этганлиги ҳақида ёзган эди. Уларнинг 5 нафари вояга етмаган болалар бўлган. Яна 1 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Шунингдек, вилоятда октябрь ойининг бошидан буён 128 та аҳоли уйларида турли кўламли ёнғинлар содир бўлган.