Ўзбекистонда давлат биринчи марта аҳолидан электр энергия сотиб олди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Яккасарой туманида истиқомат қилувчи Расулов Раҳимжон хонадонида 6 кВт қувватли кичик қуёш фото электр станцияси ўрнатиб, ушбу станция орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишни бошлади.

Ушбу станция орқали йилига 7 мингдан 10 минг кВт. соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади.

3 ноябрь куни мазкур хонадон эгаси ва Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси ўртасида «Қайта тикланувчи энергия манбаларининг кичик объектларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида» шартнома имзоланди.

Ушбу шартномага мувофиқ, қуввати 1 МВт гача (ўзгарувчан ток) бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари объектларидан, (микро ва кичик гидроэлектр станциялардан ташқари) электр энериясини «Тошкент шаҳар ЭТК» харид қилади.


Мазкур амалиёт Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 июлдаги [610-сон] қарори билан тасдиқланган «Электр энергияси, шу жумладан, энергиянинг қайта тикланадиган манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган тадбиркорлик субектларини ягона электр энергетика тизимига улаш регламенти»га асосан амалга оширилади.

Бунда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан электр энергиясини сотиб олиш Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 10 июлдаги [ПҚ-4779-сонли] қарорида белгиланган тарифга асосан амалга оширилади.

«Аҳамиятлиси шу каби ишлаб чиқарилган электр энергиясини умумий тармоққа сотиш — АСКУЭ тизими доирасида ўрнатилган замонавий электрон ҳисоблагичлар орқали амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Вазирлик маълумотига кўра, шахсий қуёш фотоэлектр станцияларини (1 МВт гача) ўрнатиш истагида бўлган фуқаролар станцияларини ягона энергетика тизимига уланган ҳолда фойдаланишлари ҳамда ўз эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига юқоридаги қарорларга асосан шартнома асосида сотишлари мумкин.

Ушбу хонадон эгаси қилинган харажатларининг бир қисмини қоплаб берилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги [217-сон] қарорида кўзда тутилган компенсация (30 фоиз) ажратилиши бўйича туман ҳокимиятига мурожаат қилди.