2021 йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш юзасидан мониторинг тадбирлари ўтказилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Мониторинг тадбирлари доирасида давлат меҳнат инспекциясининг ишчи гурухлари томонидан республиканинг барча туманларидаги 13 мингга яқин ташкилот, фермер ҳўжаликлари ҳамда пахта далалари ўрганилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, инспекцияга пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид call марказ орқали — 54 та, web сайт орқали — 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали — 24 та ҳамда 35 та ёзма мурожаатлар келиб тушган.

Қайд этилишича, мазкур мониторинглар ва мурожаатларни ўрганиш натижасида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахсга жами 198 млн 450 минг сўм миқдорда маъмурий жарима тайинланди.

Маълумотга кўра, 2021 йилги пахта-йиғим терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига асосан жавобгарликка тортилган ва 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга киритилган.

Бундан ташқари, 21 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 25 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 14 та ҳолатда терим пулларининг ўз вақтида тўламаслик фактлари аниқланиб, мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 48 та ҳолат юзасидан ёзма кўрсатмалар киритилган, дейилади хабарда.

Қайд этилишига кўра, пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратилиши бўйича нафақат Давлат меҳнат инспекцияси, балки Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоатчилик асосида Миллий мониторинг, сенаторлар, депутатлар, журналист ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳлар, шунингдек Халқаро Меҳнат Ташкилотининг учинчи томон мониторинги олиб борилмоқда.