Белградда (Сербия) бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг бешинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси сафидан тўрт нафар боксчи иштирок этди.

Шахобиддин Зоиров (-54 кг) биринчи бўлиб сербиялик Тамир Галановга қарши рингга чиқди. 28 ёшли ўзбекистонлик боксчи рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Йирик чемпионатларда мезбон мамлакат вакиллари билан рақобатлашиш қийин. Ҳар бир жангнинг ўзига хос қийинчиликлари бор, лекин мен кўрсатмаларга амал қилишга ҳаракат қилдим, шу туфайли ғалаба қозондим», — деди Зоиров АИБАга берган интервьюсида.

Кейин эса Мадияр Саидраҳимов (-92 кг) рингга чиқди, унинг рақиби беларуслик спортчи Владислав Смягликов бўлди. Ҳар бир раунд ўзбекистонликларнинг фойдасига якунланди ва якунда 5:0 ҳисобида Саидраҳимов ғалаба қозонди. У кейинги босқичда қозоғистонлик Айбек Оралбай билан жанг қилади.

Учинчи бўлиб жангни 2018 йилги ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Абдумалик Халаков (-60 кг) ўтказди. Чорак финал йўлида унга македониялик Жасин Лама қаршилик кўрсатди. Халаков ҳам барча раундларни ўз фойдасига ҳал қилди ва йирик ҳисобда ғалаба қозонди — 5:0. Унинг ¼ финалдаги рақиби Словения ва Панама вакиллари жуфтлиги ғолиби бўлади.

Кечанинг асосий баҳси -71 кг вазн тоифасидаги Шахрам Ғиёсовнинг қозоғистонлик боксчи Асланбек Шимбергеновга қарши жанги бўлди. Ҳар икки спортчи ҳам юқори техникани намойиш этди, аммо ғалаба тезроқ ва ақллироқ қозоғистонлик боксчиники бўлди, дея қайд этди АИБА. Амалдаги жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов 5:0 ҳисобида мағлуб бўлди ва турнирни тарк этди.

Чемпионатнинг олтинчи куни тақвими:
-48 кг: Нодиржон Мирзаахмедов — Рикки Несбитт (Ирландия);
-80 кг: Одилжон Асланов — Симоне Фиори (Италия);
-63 кг: Мужибилло Турсунов — Тайга Иманага (Япония);
-75 кг: Саиджамшид Жафаров — Юито Мариваки (Япония).