26 октябрь куни бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокара жараёнининг ҳозирги ҳолати ҳамда бу борадаги ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ҳукумати савдо-сотиқни эркинлаштириш, ЖСТ битимлари тамойиллари ва қоидалари асосида ташқи савдони ислоҳ қилиш тизимларини модернизация қилиш, хорижий инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича жаҳоннинг энг яхши амалиётларини жорий этишга оид саъй-ҳаракатларни давом эттиришга содиқ эканлиги таъкидланди.

Томонлар 2021 йил охиригача Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 5-йиғилишини ўтказиш бўйича ҳамкорликнинг амалий масалаларини муҳокама қилдилар. Ташкилот раҳбарияти ушбу тадбирни ўтказишда ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Шунингдек, ЖСТ Котибияти ва унинг халқаро экспертлари томонидан зарур ҳужжатларни тайёрлашда Ўзбекистонга кўрсатилаётган техник ёрдамни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида томонлар музокара жараёни билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этишни жадаллаштириш юзасидан биргаликдаги ишларни фаоллаштиришга ўзаро тайёрлигини билдирдилар.