Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмат.

Сиёсий соҳада Ўзбекистон президенти «ягона Хитой сиёсати»ни ҳамда «уч ёвуз куч» — терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилаётган катта амалий ёрдам, шу жумладан вакциналар ўз вақтида етказиб берилаётгани ва уларни биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани учун миннатдорлик билдирилди.

Раис Си Цзиньпин, ўз навбатида, Хитой Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар дастурини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Савдо-иқтисодий соҳада етакчилар товар айирбошлаш сезиларли ўсаётганини қайд этдилар. Хитой бозорига зарур маҳсулотлар, энг аввало қишлоқ хўжалиги товарларини илгари суриш мақсадида жорий йил ноябрь ойида Шанхай шаҳрида ўтадиган тўртинчи Импорт товарлар халқаро кўргазмасида Ўзбекистон фаол иштирок этишига келишиб олинди.

Беш йиллик Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, унга стратегик аҳамиятга эга, шу жумладан инновациялар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва электрон тижорат соҳалари бўйича лойиҳаларни киритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Камбағалликни камайтириш масалаларида тажриба ва билим алмашиш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари Хитойни минтақа билан боғлайдиган ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида Евроосиё трансқитъавий транзит йўлагини шакллантирадиган самарали транспорт йўналишларини ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.

Фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини эмлаш, спорт, туризм, маданият ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш учун имкониятлар мавжуд экани қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкасби ва дўст Хитой халқига 2022 йилда Пекин шаҳрида ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтказилишини тилади.

Жорий йил якунигача Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш, шунингдек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш бўйича қўшма дастурни тайёрлашга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш ва иқтисодий тараққиётга эришиш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар. Афғон халқига кўмаклашиш мақсадида ШҲТ ва бошқа форматлар доирасидаги мулоқотни давом эттириш ҳақида келишувга эришилди.

«Синьхуа» агентлигининг қайд этишича, Си Цзиньпин икки давлат ўртасидаги савдо ва сармоялар ҳажмини ошириш ҳамда рақамли молия ва трансчегаравий электрон тижорат каби соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди.

Унинг сўзларига кўра, Хитой Ўзбекистондан кўпроқ экологик тоза ва юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишга тайёр.

ХХР раиси Хитойнинг коронавирусга қарши курашишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, мамлакатга вакцина ишлаб чиқариш бўйича минтақавий марказ қуришга ёрдамлашиш ва соғлиқни сақлаш тизимидаги салоҳиятини оширишида кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

У минтақавий ҳавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик соҳасида икки давлат алоқаларини жадаллаштиришни ҳам таклиф қилди.

«Синьхуа» маълумотларига кўра, Шавкат Мирзиёев «Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган одамларга қаратилган фалсафа ҳамда Глобал тараққиёт ташаббусини юқори баҳолайди ва қатъий қўллаб-қувватлайди» ва «давлат бошқаруви соҳасида Хитой тажрибасини ҳисобга олишга тайёр».

«Ўзбекистон президенти Ўзбекистоннинг COVIDга қарши курашишида Хитойнинг беқиёс ёрдами учун миннатдорчилик билдирди ҳамда Ўзбекистон Хитойнинг асосий манфаатларига тааллуқли масалаларда Хитойни қатъий қўллаб-қувватлаши, янги коронавируснинг келиб чиқишини аниқлашни сиёсийлаштиришга қарши чиқишини қўшимча қилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Америка разведкаси COVID-19 келиб чиқиши ҳақидаги иккинчи ҳисоботини эълон қилган эди. Унда учта тахмин илгари сурилган. Жумладан, коронавирус Хитой томонидан биологик қурол сифатида фойдаланиш учун ишлаб чиқилмаган, Хитой ҳукумати касалликнинг биринчи ўчоқлари пайдо бўлгунча COVID-19 ҳақида билмаган. Шу билан биргаликда, разведка ходимлари хулосалар якуни эмаслигини, коронавирус сунъий равишда ишлаб чиқилгани ҳақидаги тахмин охирига қадар истисно қилинмаслигини таъкидлашган.

Ўз навбатида, Хитой яна бир марта Америка томонини коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги масалани сиёсийлаштирмаслик, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига босим ўтказишни тўхтатишга чақирди.