Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск Forbes журнали дунёнинг энг бой одамлари рейтингини тузишни бошлагандан бери энг бой одамга айланди, деб хабар берди нашр.

Журнал маълумотларига кўра, 25-октябрдаги савдолар ёпилганидан кейин Илон Маскнинг бойлиги рекорд даражадаги 271,3 млрд долларга етган. Бу Tesla акцияларининг 13 фоизга ошиши фонида юз берган — компания капиталлашуви бир трлн доллардан ошди.

Аввалроқ Forbes рейтинги тарихидаги энг бой одам Amazon асосчиси ва собиқ бош директори Жефф Безос бўлган, унинг бойлиги июль ойида журнал маълумотларига кўра 212 млрд долларга етган эди.

Forbes Real Time рейтингига кўра, ушбу хабар эълон қилинган вақтда Маскнинг бойлиги 253,8 млрд долларни ташкил этган бўлса, иккинчи ўринда турган Безоснинг бойлиги 196,1 млрд долларни ташкил қилган. Bloomberg Billionaires Index маълумотларига асосан эса, Маскнинг бойлиги 287 млрд доллар, Безосники эса 196 млрд долларни ташкил қилади.

Илон Маск бойлигининг асосий қисми Tesla`даги 21 фоиз улушга тўғри келади. У, шунингдек, SpaceX`даги миноритар улушга эга. Февраль ойида инвесторлар молиялаштириш босқичида компанияни 74 млрд долларга баҳолаганлар.