Бугун ва эртага Ўзбекистон бўйича ҳаво ҳарорати +20…+22 даража илиқ бўлган қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Ҳафта ўртасида об-ҳаво ўзгаради. 27 октябрда республиканинг шимолий ҳудудларига Кавказ ҳудудлари устида шаклланган нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, юқори ва қуйи қават булутлари ҳосил бўлади.

28 октябрда ёмғирли зона шарққа силжийди ва республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларига яқинлашганда ёғингарчилик кучаяди. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди.

29 октябрда марказий ва шарқий ҳудудларда, шунингдек республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғиши кутилмоқда.

27−28 октябрда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Ҳафта давомида ҳарорат кечалари +4…+9 даража илиқ атрофида бўлади. Кундуз кунлари эса ҳарорат аста-секин пасаяди ва ҳафтанинг охирига келиб, ҳарорат +7…+12 даража илиқгача пасаяди.