18 октябрь куни президент «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатлари тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

МФЙ ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифаси туман (шаҳар) ҳокимликларидан — туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади.

Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари қуйидагилардан иборат:

  • фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар;
  • ҳомийлик маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бўлган МФЙлари томонидан фойдаланиб келинган бино ҳамда иншоотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминлайди.

Молия вазирлиги 2021 йилда барча МФЙларга зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 млрд сўм маблағ ажратади. 2022 йилдан эса ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилади.