АОКАда ўтказилган брифингда президент мактабларида ўқувчиларни ҳаётга ва таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш, уларнинг ўз қизиқиши ва иқтидорига мос касб танлашига йўналтириш юзасидан амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида маълумот берилди.

Президент таълим муассасалари агентлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг таъкидлашича, президент мактабларида «Мактаб маслаҳатчиси» — «School Counselor» дастури ва уни амалга ошириш механизми ишлаб чиқилиб, 2021−2022 ўқув йилдан амалиётга жорий қилинмоқда.

Маълум қилинишича, дастурнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • таълим йўналишлари бўйича индивидуал маслаҳатлар бериш;
  • дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли олий ўқув юртлари ҳақидаги маълумотлар билан таништириш;
  • олийгоҳларга ҳужжат топшириш ва рўйхатдан ўтиш бўйича керакли тавсияларни бериш;
  • эҳтиёж юқори бўлган касблар билан таништириш ва уларга йўналтириш.

Мактаб маслаҳатчилари ўз вазифаларини тўғри ташкил этишлари учун босқичма-босқич йўриқнома ишлаб чиқилганлиги айтилган. Йўриқномада 14−18 ёшдаги ўқувчиларни университетларга кириш учун ҳужжат тайёрлаш жараёни, ҳужжат топширишда белгиланган муддатлар, ТОП-300 таликка кирувчи университетлар тўғрисида маълумотлар бериш, шунингдек, тўлиқ грантларни қўлга киритиш юзасидан амалий машғулотлар ўтказиш борасида тегишли кўрсатмалар берилган.

Дастурга мувофиқ, мактаб маслаҳатчисининг вазифалари қуйидагилар киради:

  • соҳада муваффақиятга эришган касб эгалари билан маҳорат дарслари, учрашувлар ташкил этиш;
  • таълим истеъмолчилари қизиқиш билдирган соҳалари бўйича амалий экскурсия ва танишув турларини амалга ошириш;
  • мактаб психологи билан ҳамкорликда ўқувчилар ёши, психофизиологик хусусияти, қобилияти ва иқтидорига кўра ҳаётда ўз йўналишини тўғри танлай олишига кўмаклашиш;
  • президент мактабларида IT, кичик тадқиқотчилик, миллий ҳунармандчилик каби йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил қилиш ва уларни самарали амалга ошириш.

Қайд этилишича, мазкур дастур муваффақиятли ўтгач, ижобий тажриба умумтаълим мактабларига трансляция қилиниши кўзда тутилган.