Суд автоблогер Бобур Ғаниев ва икки кишига нисбатан қарорини эълон қилди, дея хабар бермоқда пойтахт ИИББ.

30 сентябрь куни «Хавфсиз пойтахт» тадбири давомида Учтепа туманидаги «Фарҳод» бозори олдида ЙҲХБ инспекторлари Epica автомобилини тўхтатиб, ундаги Аброр Қўзубоев (ижтимоий тармоқларда «блогер Аброр» сифатида танилган), автоблогер Бобур Ғаниев ва Обид Салимовларни ушлаган.

Тошкент ИИББнинг таъкидлашича, ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилаётган вақтда Бобур Ғаниев ЙҲХБ инспекторларини ҳақорат қилган, ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жамоат тартибини бузган. Қўлга олинганлар Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган. Ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Б.Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланганлиги айтилганди.

2 октябрь куни Тошкент ИИББ блогернинг қўлга олиниши ва унинг фаолияти ҳақида видеосюжет эълон қилди.

ИИББ ходимлари бодикамераларидаги видеоларга кўра, Бобур Ғаниев ЙҲХБ ходимлари билан қўпол муомала қилган, уларнинг талабига кўра машинадан чиқишдан бош тортган ва «давлат ҳокимияти вакили устидан очиқдан-очиқ кулган».

Шунингдек, видеода ушбу ҳолатдан сал олдинроқ олинган лавҳани кўриш мумкин. Унда блогер: «ГАИлар қаерда бор экан, рейд қаерда бўляпти? Илтимос, ўшани айтиб юборинглар. Ўша рейд жойидан айланиб ўтардикда», деб сўраган.


Бобур Ғаниев. Фото: Тошкент шаҳар ИИББ.

Видеода Бобур Ғаниев ИИББ ва ППХ ходимларини ҳақоратлаганлиги ва уларнинг қонуний талабларини бажармаганлигини тан олган.

Учтепа туман жиноят ишлари бўйича суди судьяси инспекторларга нисбатан «мент» сўзининг ишлатилишини ҳақоратлаш деб топди, Бобур Ғаниевни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига мувофиқ (ҳақоратлаш) айбдор деб топиб, 20 БҲМ миқдорида (5,4 млн сўм) жаримага тортди.

Бундан ташқари, блогер МЖКнинг 194-моддаси (ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик) билан ҳам айбдор деб топилди ва 1 БҲМ (270 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, МЖКнинг 195-моддасига мувофиқ (ИИО ходимларининг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш) блогер 15 суткага маъмурий қамоқ жазоси берилди.

Аброрбек Қўзибоев 183-модда (майда безорилик) бўйича айбловдан озод қилиниб, лекин МЖКнинг 194-моддаси 1 қисми ва 195-моддаларида айбдор деб топилди. Унга 1 БҲМ миқдоридаги жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ белгиланди.

Обид Салимов ҳам МЖКнинг 195-моддасига биноан 15 суткага қамалди (183- ва 194-моддалар унинг айбловидан чиқариб ташланди).

«195-моддага биноан, телефонга олганингиз ва оммани ўзингизга қаратганлигингиз учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди», — дея таъкидлади судья.

Видеода Бобур Ғаниевнинг телефонида топилган порнографик материаллар бошқаларга тарқалганлигини текшириш учун экспертизага юборилганлиги айтилди. Унинг натижасида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

Муносабат

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида бу иш уюштирилганлиги ҳақидаги шубҳаларини ёзди.

«Биринчидан, қандай қилиб ИИБ ходимлари қўлига блогернинг телефони тушиб қолди? Телефондан жиноят қуроли сифатида фойдаланилиб ИИБ ёки бошқа шахсларга тан жароҳати етказилганми? Иккинчидан, телефон нима учун тинтувдан ўтказилди? Бу тинтув эмас, кўздан кечириш, дейилса телефоннинг ост-устига қаралади холос. Яъни унинг пичоқ, тўппонча, нон эмас, айнан телефон эканлигига ишонч хосил қилиш учун кўрилади. Бу ўринда ИИБ ходимлари фуқаронинг телефонидан қандайдир ноқонуний материал топиш мақсадида тинтув ўтказишган кўринади. Тинтув учун эса санкция керак. ИИБ ходимларига санкциясиз тинтув ўтказишга ҳуқуқ берилганмиди?», — дея таъкидлади депутат.

У, шунингдек, телефонни тинтувдан ўтказиш қандай усул ва тартиб бўйича олиб борилиши тўғрисида тартиб борми дея сўраган. Депутат эркак ва аёл ўртасидаги жинсий алоқага доир видео ва тасвирларнинг вояга етган фуқаро телефонида бўлиши мумкинмаслиги қайси қонунда белгиланганлигини ҳам сўраган.

«Ҳақорат қилиш деганда, фуқаро айнан қандай сўзларни ишлатган бўлиши лозим. Масалан, ИИБ ходимларини каламуш (каламушлар — отсылка к словам президента Шавката Мирзиёева о сотрудниках ОВД на постах между областями) дейиш ҳақоратга кирмайдию, „мент“ сўзи кирадими. Бу қаерда белгиланган?», — дейди депутат.

Шунингдек, Расул Кушербаев блогернинг «оммани ўзига қаратганлиги учун» 15 суткага қамалгани бўйича хавотирини маълум қилди.

«Бироқ ҳар куни оммани ўзига қаратаётган бошқаларнинг аҳволи энди не кечади? Масалан, сайловолди сиёсий партиялар ва номзодлар қанчалаб омма эътиборини ўзларига қаратишаяпти. Бу уларнинг иши аслида», — деди у.

Хизмат текшируви

Бобур Ғаниев қўлга олинганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан тарқатилганлиги тахмин қилинган видеолавҳалар пайдо бўлди. Уларда Бобур Ғаниевнинг полда ўтирганлиги, унинг олдида эркак киши турганлигини кўриш мумкин.

Фото: Ижтимоий тармоқлар.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исохонованинг «Газете.uz»га маълум қилишича, ушбу видеони тасвирга олган одамнинг шахсини аниқлаш ва кейинчалик ҳуқуқий чоралар кўриш бўйича хизмат текшируви тайинланган.

У Бобур Ғаниевнинг нисбатан жисмоний ва психологик босим бўлганлигини инкор этди. Унинг сўзларига кўра, блогер чарчаганидан полга ўтирганлигини айтган. Хизмат текшируви доирасида бу маълумот текширилади.