Ижтимоий тармоқларда 27 сентябрь куни Сурхондарёда Lacetti ҳайдовчиси Йўл патрул хизмати ходимини машина капотида ҳайдаб кетгани акс этган видео тарқалди.

Қайд этилишича, ушбу воқеа 13 сентябрь куни Қумқўрғон туманида содир бўлган. ЙПХ инспектори Ш. М. ҳеч қандай сабабсиз йўлнинг қатнов қисмида турган ва сунъий тирбандлик яратган Lacetti ҳайдовчисидан ҳужжатларини кўрсатишини ҳамда машинани йўл четига ўтказишни талаб қилган.

Ҳайдовчи Т. Х. эса инспекторнинг қонуний талабини бажармасдан, автомашинани инспекторнинг устига ҳайдаб юборади, инспектор эса тўхтаб турган автомашина олдида бўлганлиги сабабли автомашина олд қисмига осилиб қолган. Ҳаракатланиб бораётган автомашина олд қисмида бўлган ЙПХ инспектори ҳайдовчини бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан уни тахминан 3,4 км масофага олиб кетган.

ЙПХ инспектори шу куннинг ўзида туман шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан Қумқўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, инспекторига қаршилик кўрсатиб, автомашинада судраб кетган ҳайдовчига нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилди.