Наманганлик 21 ёшли йигит ҳарбий хизматчи снаряд қолдиқлари портлаши оқибатида ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов.

Маълум қилинишича, 21 август куни дала ўқув майдонида снаряд қолдиқлари портлаши натижасида содир бўлган кўнгилсиз ҳодиса оқибатида Миллий гвардия муддатли ҳарбий хизматчиси А. Иқболжонов ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.

Ҳолат юзасидан 21 август куни Чирчиқ ҳарбий прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 297-моддаси (Атрофдагилар учун катта хавф манбаи бўлган қурол-яроғ, шунингдек модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, прокурор назорати ўрнатилган.

24 сентябрь куни Facebook`даги Юсупов Шавкатбой саҳифасида марҳумнинг ота-онасининг президентга видеомурожаати эълон қилинди.

Марҳумнинг онасининг таъкидлашича, улар ўғлини 14 март куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрига ҳарбий хизматга жўнатишган.

«6 ой хизмат қилгандан кейин 20 август куни „ўғилларингиз портлаб кетди“, деб олиб келиб, ташлаб кетишди. Сизга мурожаатим шуки, 6 ой бўлган болани нега портлатишади? У ҳали ҳеч нарсани билмайдику. Нимага кийдирмайди нарсаларини? Нимага сақламайди? Мен уни бир парчасини шу давлатга ишониб топширгандимку. Менинг кўзимнинг оқ-у қораси эди, у болам мени. Парчалатиб, тикиб-тикиб ташлаб кетишди. Қани бу ерда ҳақиқат? Кеча борган болага шунақа нарсалар ушлатадими? Нимага ҳимоя қилмайди менинг боламни?» — дейди у.

Марҳумнинг онаси президентдан «боласини ҳимоясиз қўйган одамларга чора кўришини» сўради.

«Қонун олдида жавоб берсин ҳаммаси, нима бўлганини бизга очиқ-ойдин айтсин. Сўрасак, „портлаб кетди“, шу, бошқа гаплари йўқ. Битта болани турғизиб, 21 ёшга киргазиш осонми? Ўғлим ниҳоятда эсли, ақлли бола эди. Орзулари катта эди боламни, юрист бўлмоқчи эди», — дея қўшимча қилади у.