21 сентябрь куни Буюк Британия ҳарбий делегацияси ташриф буюрди. Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қуролли кучлари вазири Жеймс Хиппи бир қанча вазирлик, идораларда учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали репортажида маълум қилинди.

Жеймс Хиппи Афғонистоннинг янги ҳукумати билан боғлиқ вазиятга Ўзбекистон қандай нуқтаи-назар билан қараши Британия томонига жуда муҳимлигини таъкидлади.

«Афғонистондаги вазият тез суратларда ривожланиб бормоқда. Ташрифим мақсади ҳам шу масалага ойдинлик киритишдир. Чунки сиз қўшни Ўзбекистон вазиятни биздан яхши биласиз. Вазирлик даражасидаги учрашувларда биз Афғонистон томонидан содир этилиши мумкин бўлган хавф-ҳатарга Ўзбекистоннинг позициясини ўрганмоқдамиз», — деди у.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Мудофаа вазирликлари ўртасида 2021−2022 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси имзоланди.

Британия қуролли кучлари вазири сўзларига кўра, ушбу келишув Буюк Британия ва Ўзбекистон қўшинлари биргаликда машғулотларни ўтказишлари учун мустаҳкам асос яратади. Шунингдек, Ўзбекистон қуролли кучлари Бирлашган Қироллик ҳарбий базаларида малака ошириши ёки у ерда ўтказиладиган ҳарбий ўйинларда иштирок этишлари мумкин.

«Ўз навбатида Британия томони учун ҳам бу катта имконият. Негаки, биз ҳам сизлардан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп», — дейди Жеймс Хиппи.