Давлат божхона қўмитаси ва унинг Фарғона, Навоий, Наманган ва Самарқанд вилоятларидаги ҳудудий бошқармалари тезкор бўлинмалари томонидан амалга оширилган кенг кўламли тезкор тадбирлар натижасида республика ҳудудига олиб кирилган товар моддий бойликларини божхона расмийлаштирувидан олдин алмаштириб қўйишга уриниш ҳолатларининг олди олинган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Хусусан, бир тадбиркорлик субъекти номидан четдан кириб келаётган контейнер косметика ва парфюмерия воситалари юкланганлиги қайд этилиб, Тошкент вилоятида рўйхатга олинган. Шундан сўнг контейнер «Қўқон» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига расмийлаштириш учун юборилади.

Қайд этилишича, белгиланган тартибда товарларни текшириш вақтида, контейнерда косметика ва парфюмерия воситалари ўрнига 1,5 тонна оғирликдаги шиша идишлар ва 21 тоннадан ортиқ кир ювиш кукуни борлиги маълум бўлган. Яъни йўл-йўлакай товарлар бошқалари билан алмаштириб қўйилган.

Хабарда айтилишича, ҳолат бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилиб, контейнерни дастлаб олиб келган ҳайдовчи топилган ва унинг кўрсатмасига биноан, дастлаб контейнерда бўлган товарлар пойтахтнинг Бектемир туманидаги омборлардан бирида туширилганлиги аниқланган.

Тезкор қидирув ишлари олиб борилиб, омбор текширилган вақтда, тушириб қолинган товарлар аллақачон бошқа машинага юкланганлиги ва омбордан чиқариб юборилганлиги маълум бўлган.

Тезкор бўлинмалар ходимлари томонидан товарлар юклаб олиб кетилган транспорт воситасининг жойлашуви орқали юк Самарқанд вилояти Ургут туманидаги бир тадбиркорнинг омборига туширилганлиги аниқланган.


«Текширув вақтида омборхонадан 460 дан ортиқ номдаги 721 мингга яқин косметика ва парфюмерия воситалари, шунингдек, турли хил шиша идишлар ва кир ювиш кукунлари топилди. Фош этилган товарларнинг умумий қиймати 11 881 700 000 (11,9 млрд) сўмни ташкил этди» — дейилади хабарда.

Ҳозирда аниқланган факт асосида божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилганлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг бошидан республика божхона органлари томонидан аниқланган 7700 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида умумий қиймати 547 миллиард сўмлик товар моддий бойликлари ноқонуний кўчирилишининг олди олинган.