Ўзбекистон президентининг 26 августдаги фармони билан таниқли санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти марҳум Ботир Зокиров (1936−1985) «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди. У ҳаёт бўлганида бу йил 85 ёшга тўлган бўлар эди.

«Ўзининг буюк истеъдоди, ноёб ва бетакрор ижоди билан ўзбек эстрада санъатига асос солиб, миллий маданиятни ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этишга қўшган беқиёс ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги унутилмас хизматларини инобатга олиб мукофотлансин», дейилади ҳужжатда.

2020 йилнинг декабрида президент Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда Тошкентда унга атаб миллий эстрада олий мактаби, санъаткор номига бағишланган ёдгорлик мажмуи ва музей очилиши режалаштирилган эди.

Бундан ташқари, пойтахтда Ботир Зокировга атаб ҳайкал ўрнатилади, Навоий кўчасидаги у яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси пайдо бўлади. Ўзбекистон Давлат консерваторияси жойлашган Олмазор кўчаси Ботир Зокиров номи билан аталади.

Бадиий Академия раҳбари Акмал Нур президентга Ботир Зокиров ҳайкали вариантларини тақдим этмоқда, 2021 йил 8 июнь. Фото: Президент матбуот хизмати.

2000 йили Ботир Зокиров Ўзбекистоннинг биринчи президенти томонидан «Буюк хизматлари учун» ордени билан ҳам мукофотланган эди.