Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси қўшма лойиҳаларга Хитой технологияларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳозирда ХХР Марказий ҳарбий кенгаши Қурол, ҳарбий техника ва технологияларни ривожлантириш бош бошқармаси делегацияси Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон-Хитой томони масъул вакиллари томонидан қурол, ҳарбий техника ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича мавжуд ва истиқболли лойиҳалар, уларни амалга ошириш муддатлари ҳамда ҳамкорлик соҳасини тизимли тартибда ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади, дейилади хабарда.

Ташриф давомида хорижий делегация вакилларига Ўзбекистон мудофаа саноати комплекси корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳарбий ва икки мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар намойиш этилди.