Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилаётган «Хавфсиз пойтахт» концепцияси доирасида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида, август ойида Сурияда фаолият олиб бораётган халқаро террорчилик ташкилотларининг аъзолари сифатида гумон қилинаётган шахслар аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.

7 нафар шахс халқаро террорчилик ташкилотларининг бир гуруҳ аъзолари билан интернет тармоғи орқали алоқада бўлиб келганликда гумонланиб, қидирувга берилган.

Улар:

  • 1978 йилда туғилган, Олмазор туманида истиқомат қилган Мусажонова Феруза Сабитовна;
  • 1981 йилда туғилган, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилган Қосимов Сарвар Одилжонович;
  • 2001 йилда туғилган, Учтепа туманида истиқомат қилган Абдуқахоров Абдурахим Абдумалик ўғли;
  • 1993 йилда туғилган, Яшнобод туманида истиқомат қилган Жумабаев Дилшод Мурод ўғли;
  • 1999 йилда туғилган, Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилган Мухаммадбакиев Абдулахад Бахтиёр ўғли;
  • 1990 йилда туғилган, Юнусобод туманида истиқомат қилган Улмасов Миролим Мирсамухович;
  • 2001 йилда туғилган Сергели туманида истиқомат қилган Собиржонов Нодир Жахонгир ўғли.

Тошкент шаҳар ИИББ ТБ иш юритувида бўлган жиноят иши доирасида Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Яшнабод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Сергели туманлари ҳудудидаги 108 та манзилларда прокурор санкцияси асосида тинтув тергов ҳаракати ўтказилиб, 94 нафар шахс ички ишлар бўлимларига олиб келинди.

Тадбир давомида, айрим ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, экстремистик оқим ва халқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида 1 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди ҳамда 10 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чоралари тайинланди. Ҳозирда тергов-тезкор тадбирлари давом эттирилмоқда.