Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий кескинликнинг кучайиши минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин экани таъкидланди.

Афғон муаммосининг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш ҳамда минтақадаги вазият юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар олиб бориш тўғрисида келишувга эришилди.

Афғонистондан Германия фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилади.

Фуқароларнинг Кобулдан Тошкентга эвакуация қилиниши

17 август куни Германия Қуролли кучларининг (Бундесвер) иккинчи эвакуация самолёти 125 нафар йўловчи билан Афғонистондан Тошкентга учиб келди. Самолёт Кобулдан ҳавога кўтарилиши билан ГФР Мудофаа вазирлиги Twitter саҳифасига Airbus A400M Кобулдан Тошкентга қайтаётгани ҳақида хабар қилди.

Фото: Verteidigungsministerium / Twitter.

Хабарда қайд этилишича, бортда Германия фуқаролари, маҳаллий афғон ходимлари ҳамда «ҳимояга муҳтож бошқа шахслар» борлиги таъкидланган.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мас (Heiko Maas) шундай деб ёзди: «Авиаташувлар бошланди ва бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият тақозо этгунига қадар давом этади».

ГФР мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр эса Афғонистондан амалга оширилаётган эвакуацияни хавфли миссия экани, бироқ Бундесверда малакали ходимлар борлигини маълум қилди.

«Мақсад ҳимояга муҳтож кўпроқ одамларни тезкорлик билан эвакуация қилиш учун Тошкент ва Кобул ўртасида ҳаво кўпригини қуришдан иборат», — деди у.

DW маълумотларига кўра, Бундесвернинг илк самолёти 17 август куни мураккаб шароит ва хавфсизлик сабабли бир неча уринишдан кейин Кобул аэропортига қўнган ҳамда бортга фақатгина 7 киши — беш нафар германиялик, бир нафар Европанинг бошқа давлати фуқароси ва кобуллик бир афғонни ололган.

Германия ҳукумати Афғонистондан одамларни эвакуатсия қилиш операцияси узлуксиз давом этиши учун барча имкониятларни ишга солмоқчи. Бундесвер 17 августда Кобулдан Тошкентга яна иккита эвакуация рейсини режалаштирган, деди Хейко Масв. Унинг сўзларига кўра, иккита Airbus A400M самолётидан ташқари, АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларининг машиналари ҳам жалб қилинади.

Нашрнинг аниқлик киритишича, Тошкентга қўнган йўловчилар кейинроқ Lufthansa авиакомпанияси самолётларига ўтириб, Германияга етказилади. Биринчи самолёт Тошкентдан Франкфурт-Майнга чоршанба куни кечқурун учиши режалаштирилган. Германия ҳукумати билан келишув асосида Lufthansa Кобулдан Қатар пойтахти Дохага ҳам парвозларни амалга оширади. Кейинги кунларга ҳам бир нечта эвакуация рейсларини амалга ошириш белгиланган, бироқ уларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.