Ўзбекистон Халқ демократик партияси Rost24.uz нашрининг мақоласига муносабат билдирар экан, Tashkent City бизнес мажмуасига кириш бепул бўлиши кераклигини таъкидлади.

Мақола муаллифи Ҳулкар Муртазоева Tashkent City`ни Ўзбекистонда қабул қилинган айрим қоидалар амал қилмайдиган шаҳар ичидаги «давлатча»да деб атаган. Мисол учун, карантин муносабати билан махсус комиссиянинг 20 июлдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидаги барча овқатланиш масканлари — кафе, чойхона, ресторан ва ошхоналарнинг фаолияти эрталабки соат 8 дан кечки соат 20 гача этиб белгиланган эди.Улар фақат очиқ ҳавода фаолият юритиши керак бўлган. Аммо мажмуада бу қоида амал қилмаган.

Бироқ ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортиш ўрнига 10 августдан бошлаб ходимлари коронавирусга қарши вакцинанинг камида 2 та дозасини олган умумий овқатланиш объектлари 20:00 дан кейин ва ёпиқ биноларда ишлашларига рухсат берилди. Журналист буни «кичкинагина 80 гектарлик майдондаги бир «давлатча»нинг катта бир республика қонунларига таъсири» деб ҳисоблади.

Ҳулкар Муртазоева қайд этишига кўра, Tashkent City`нинг маъмурий ва ҳудудий бошқарув тизими Рим шаҳридаги Ватикан давлатини эслатади. Биргина фарқли жиҳати — Ватиканга кириш ва тасвирга олиш текин.

Мақолада Tashkent City лойиҳасига президент қарори асосида имконият ва имтиёзлар берилган. Тақдим этилган имтиёзлар учун Ўзбекистон фуқароларига мажмуага кириш текин бўлиши керак.

ХДП қайд этишича, ижтимоий тармоқдаги бу чиқиш турли фикрлар, постларга сабаб бўлган. «Айримлар ўзбек жамияти ижтимоий табақаланишга юз тутаётганлигини, яна бошқалар пулдорларнинг ўзбошимчалигини танқид қилган бўлса, яна кимдир алоҳида қоидалар ишлайдиган лойиҳалар қуришга ҳожат йўқлигини баён қилади», — дейилади хабарда.

Партия таъкидлашига кўра, кўтарилган мавзуда «жамиятда сунъий равишда ижтимоий ва мулкий табақаланишув» рўй бераётганига урғу берилган. ХДП фракцияси аъзолари жамиятда кескин табақаланишув содир бўлишига қарши, партия дастурий мақсадларида бу масалаларга урғу берган.

ХДП Конституциянинг 18 моддасини келтиради:

«Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт".

Конституциянинг 20 моддасида эса «Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт», деб ёзилган.

«„Tashkent City“ ҳудудига кириш пулли экани мана шу тамойилларга зид, деб ҳисоблаймиз. Бундай табақалашув фуқароларнинг кайфиятига ёмон таъсир кўрсатади», — дейилади партия хабарида.

ХДП жамиятда барқарорликни сақлаб туриш учун ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни тезкор ҳал этиш зарур, деб ҳисоблайди.

«Ўзбекистонда молиявий белгиларга, шунингдек, айрим имтиёзларга кўра табақаланишга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун Tashkent City`га кириш бепул бўлиши шарт», — дейилади хабарда.

2020 йилнинг 17 декабрдан Tashkent City боғига кириш пуллик қилинган эди. Катталар учун чипта нархи — 10 минг сўм, болалар учун — 5 минг сўм, енгил автомобилда кириш — 20 минг сўм этиб белгиланган эди. Дастлаб, тўлов 2021 йил 10 январгача янги йил таътилларида жорий этилгани хабар қилинган, бироқ ушбу тартиб муддатдан кейин ҳам қолган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев боғни сақлаш учун ойига 900 млн сўм сарфланишини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, уни сақлаш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди. «Шунинг учун ўзини-ўзи боққани ҳамма жойда энг долзарб манимча», — деган эди ҳокими.

Бундан ташқари, Мурод Назаров Tashkent city ишбилармонлик марказидаги қурилишлар тасдиқдан ўтмагани, ҳаттоки Hilton меҳмонхонаси ҳужжатлари ҳам энди тайёрланаётганини айтган эди. Бунга «Tashkent city» дирекцияси муносабат билдириб, «Мурод Назаровнинг фикрлари хақиқий ҳолатга тўғри келмаслиги ва асоссиз"лигини айтди. Мазкур ҳолатга Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам изоҳ берган.