Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Буюк ипак йўли» метро бекатига киришига туташ бўлган ерости ўтиш йўлида шифт композит панелининг (алюкобонд) бир қисми қулаб тушди, деб хабар берди ФВВ ахборот хизмати.

Воқеа 12 август куни тахминан соат 14:30 ларда рўй берган. Бунинг оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.

Кейинчалик аниқланишича, конструкциянинг бир қисми ерости ўтиш йўлаги устида жойлашган чимни суғориш натижасида тўпланган сувнинг оғирлиги туфайли қулаб тушган.

Фото: ФВВ.

«Ўпирилиш жиддий оқибатларни келтириб чиқармаган. Бир неча дақиқа ичида ерости йўлаги шифт бўлакларидан тозаланган», — дейилади ФВВ хабарида.

Июль охирида ижтимоий тармоқларда «Буюк Ипак йўли» метро бекатига кириш/чиқиш жойида шифтдан сув оқиб тушаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Ўшанда «Тошкент метрополитени» раҳбарияти ушбу ерости ўтиш жойи Тошкент метроси объектига қарашли эмаслигини маълум қилган. Корхона хабарига кўра, ерости ўтиш жойи, ундан фойдаланиш ва сақлаш Мирзо Улуғбек тумани ҳокимияти тасарруфида бўлган.