6 август куни фуқаро Х.С. Тошкент вилояти ИИББга ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Аризага кўра, ўзларини «ДАВРОН ОМАД СEРВИС» МЧЖ таъсисчилари деб таништирган «Бегзод» ва «Даврон» исмли шахслар Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қарори билан боғ барпо этиш ва ободонлаштириш учун мазкур жамиятга 30 йилга ижарага берилган «Бўстонлиқ» ҚФЙда жойлашган 16 гектар ер майдонини 5 млн долларга сотишларини маълум қилган. Улар олдиндан бўнак сифатида 200 минг доллар беришини талаб қилган.

Аризага асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Мустақиллик кўчасида жойлашган «КРEДО» ресторанида Р.Г. ва Д.Ж. лар ариза муаллифи Х.С. дан 200 минг доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Р.Г. ва Д.Ж. ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Фирибгарлик жуда кўп миқдорда) ва 28/211-моддаси 3-қисми «а» банди (Пора бериш жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Бўстонлиқ туманида от спортига ихтисослашган МЧЖга ажратилган 25,4 гектар ер майдонини 1 млн. 500 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирган шаҳс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.