Жиззах вилоятининг Арнасой тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари 7 млрд сўмдан кўпроқ маблағни ўзлаштириб юборганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Арнасой туманида режадаги 8000 га майдондан 1068 га ерга чигит экилмаганлиги ҳамда зарурий агротехник тадбирлар ўтказилмаганлиги оқибатида 1549 га майдонда пахта етиштириш имконияти йўқотилгани аниқланган.

«Бироқ, туман ҳокимлиги мансабдор шахслари 8000 га майдонда ғўза парваришланаётганини кўрсатишиб, 7 млрд 16 млн сўмлик ортиқча имтиёзли кредит маблағлари ажратилишига эришган. Натижада жуда кўп миқдордаги маблағлар ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан 30 июнь куни Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги «Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисидаги» (121-сон) қарори билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун зарур бўлган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буюртмасига кўра, Молия вазирлиги маблағлари ва тижорат банклари кредитлари асосида ажратилади.