Айни вақтда президент ва Олимпиада ўйинлари иштирокчилари учрашуви бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев учрашув давомида катта харажатлар эвазига хориждан спортчиларни (легионер) олиб келиш тажрибаси унчалик ҳам ўзини оқламаётганини айтиб ўтди.

«Бундай амалиётдан воз кечиб, маҳаллий спортчиларимизни тарбиялашга жиддий эътибор қаратадиган пайт келди. Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ҳамда спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак», — деди у.

Давлат раҳбари Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқуловга Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда спорт йўналишида таълим сифатини янада ошириш, шунингдек, ривожланган мамлакатлардан юқори малакали мураббий ва мутахассисларни, замонавий методикаларни олиб келиш бўйича таклиф киритиш бўйича топшириқ берди.

Маълумот учун, Токио-2020 Олимпия ўйинларида Ўзбекистон номидан россиялик Магомед Ибрагимов ва Жабраил Шапиевлар, юнон-рум курашида россиялик Рустам Ассакалов, велоспортда россиялик Ольга Забелинская, бешкурашда россиялик Алиса Фахрутдиновалар иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда мексикалик қиличбоз Паола Плиего Ўзбекистон фуқаролигини олганди. У халқаро мусобақаларда мамлакат шарафини ҳимоя қилиши айтилган эди. Аммо у олимпиада ўйинларига бора олмаган.