Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг қарийб 100 фоизи COVID-19`га қарши эмланди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Вакцинанинг биринчи дозасини хизматчиларнинг — 94,7 фоизи, иккинчисини — 91,6 фоизи, учинчисини — 61,1 фоизи қабул қилган. Эмлашда асосан ZF-UZ-VAC-2001 (хитой-ўзбек), шунингдек, «Спутник V» ва Модерна вакциналаридан фойдаланилмоқда.

Август ойидан бошлаб Қуролли Кучларининг бошқа ишчи ва хизматчиларини эмлаш йўлга қўйилди, дея таъкидлади Мудофаа вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати маркази бошлиғи, тиббий хизмат подполковниги Жамшид Шакиров.

Эмлаш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт ходимларидан 647 нафар вакцинаторлар тайёрланган. Тиббиёт пунктларида 81 та эмлаш пунктлари, Марказий ҳарбий клиник госпитали, Марказий шифохона ва ҳарбий госпиталларда 8 та эмлаш бригадаси ташкил этилди.